Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви арафасида араб ОАВ икки жамоа футболчиларининг трансфер қийматини таққослади.
Саудиянинг Al Arabiya нашри хабар беришича, «Манчестер Сити» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов нинг бозор қиймати Саудия Арабистони терма жамоасининг барча футболчилари умумий қийматидан юқори.
Transfermarkt маълумотларига кўра, 22 ёшли ўзбекистонлик ҳимоячи 50 миллион евро баҳоланмоқда, Саудия Арабистони терма жамоасининг умумий қиймати эса 38 миллион еврони ташкил қилади. Шундай қилиб, бир Хусанов бутун саудиялик терма жамоадан 12 миллион евро қимматроқ.
Саудия Арабистони терма жамоаси таркибида энг қиммат баҳоланадиган футболчи Сауд Абдулҳамид бўлиб, унинг қиймати 9 миллион еврони ташкил қилади. Ўзбекистон терма жамоасининг умумий бозор қиймати 81,83 миллион еврони ташкил қилади.
Al Arabiya нашри Хусановни Осиёнинг энг қиммат футболчиси деб атади. Эслатиб ўтамиз, 2025 йил январь ойида ҳимоячи французларнинг «Ланс» клубидан «Манчестер Сити»га 40 миллион евро эвазига ўтган эди. Бугун Саудия Арабистонига қарши Хусанов ўйнамайди: Абдуқодир жароҳати сабаб Ўзбекистон терма жамоасига чақирилмаган.
Дўстлик Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ўйин 17 ноябрь куни Доҳада бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 20:30 да бошланади.


























