Юнон мутахассиси Георгиос Донис Саудия Арабистони футбол терма жамоасининг бош мураббийи бўлиб қолади. Бу ҳақда Koora ахборот агентлиги Саудия Арабистони футбол федерациясидаги манбага таяниб хабар берди.
Дониснинг амалдаги шартномаси 2027 йил июлида тугайди. Осиё Кубоги муддатлари кўчирилгандан кейин унинг келажак тақдири атрофида турли миш-мишлар пайдо бўлди.
Жанубий Корея устидан ғалабадан кейинги матбуот анжуманида (3:2) Донис бу гапларга изоҳ берди:
«Осиё Кубоги кўчирилгандан кейин мен ўз мураббийлар штабига шартномамиз турнирнинг янги санасидан олдин тугашини айтдим. Шундан кейин турли машҳур мураббийларнинг исмлари тилга олина бошлади. Бундай миш-мишлар ҳеч кимга фойда келтирмайди. Миш-мишлар менга шахсан таъсир қилмайди, лекин жамоадаги ички муҳитга зарар етказади. Биз билан ишлайдиганлар биз қанчалик кўп меҳнат қилишимизни яхши билади».
Мураббий Саудия Арабистони терма жамоасини ва 2027 йилги Осиё Кубогида ҳам бошқариш истагини билдирди. Шунингдек, у келаси йил март ойидаги йиғини ва ундан кейинги мусобақаларга тайёргарлик режаси аллақачон ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Бундан ташқари, Донис Ўзбекистонга қарши ўртоқлик учрашуви бўйича ўз режалари ҳақида гапирди. У Жанубий Кореяга қарши ўйин учун 30 нафар футболчини жалб қилганини таъкидлади:
«Бизнинг мақсадимиз — Осиё Кубогига тайёрланиш ва барча футболчиларга ўзини намоён қилиш имкониятини бериш. Мен футболчиларнинг курашувчан руҳи ва интизомидан мамнунман. Ўзбекистонга қарши биз ҳам шу ёндашувдан фойдаланамиз ва майдонга имкон қадар кўпроқ футболчини чиқарамиз».
Мумкин бўлган истеъфо ҳақидаги миш-мишларга тўхталар экан, мутахассис қўшимча қилди:
«Сиз биласиз, мен тўғридан-тўғри гапирадиган одамман. Мен оддий мураббий эмасман, ўзимни Саудия Арабистонининг ажралмас қисми деб ҳисоблайман. Бу мамлакатда мен катта тажриба орттирдим. Истеъфо ҳақидаги миш-мишлар жамоага фойда келтирмайди».
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони — Ўзбекистон ўртоқлик учрашуви 17 ноябрь куни Доҳада бўлиб ўтади.



























