«ПСЖ» ва Россия терма жамоаси дарвозабони Матвей Сафонов Ўзбекистонга қарши ўртоқлик учрашувида ўтказиб юборилган голлар ҳақида фикр билдирди. Ўйин россияликлар фойдасига 3:2 ҳисобида якунланди. Шу билан бирга, учрашув давомида Россия терма жамоаси 0:2 ҳисобида ортда борарди.
«Ўзбекистонга қарши ўйиндан яхши ҳис-туйғулар қолди, камбэк қилдик, ғалабага яхши интилишни кўрсатдик. Йигитлар ижобий натижага эришгани учун қойил. Балки, бу энг муҳими. Ўтказиб юборилган голлар ҳақида эса, улар қандайдир ноўрин, ортиқча бўлиб қолгани тушунарли. Лекин футболда ҳар хил ҳолатлар бўлади, бу ўйинда одатда содир бўлмайдиган нарса юз берди», — деди Сафонов Championat Asia нашрига берган интервьюсида.
17 ноябрь куни Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилдаги сўнгги ўйинни ўтказади. Миллий жамоа Қатар пойтахти Доҳада Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади.


























