Саудия Арабистони терма жамоасида Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан йўқотишлар бор

Саудия Арабистони терма жамоасининг яна бир футболчиси Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан жароҳат олди. Бу ҳақда Жеоргиос Донис жамоаси 15 ноябрь куни Доҳадаги «Ал-Ирсал» стадиони майдонида ўтказган машғулот якунларига кўра маълум бўлди.

«Ар-Рияд» нашри хабар беришича, машғулотда Муҳаммад Маҳзари ва Ҳаммам ал-Ҳаммамийдан ташқари барча футболчилар иштирок этди. Бу ўйинчилар жароҳатлари сабаб терма жамоа жойлашувини тарк этди.

Дарвозабон Наваф ал-Акиди Қатардаги Aspetar тиббий марказида тикланишни давом эттирмоқда. Ўз навбатида, Алаа ал-Ҳаджи даволаш курсини якунлади.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони футбол федерациясининг расмий маълумотига кўра, ярим ҳимоячи Султон Мандаш 15 ноябрь куни соннинг орқа қисми мушакларидаги оғриқлар сабаб машғулотни якунлай олмади. 16 ноябрь куни футболчига тиббий кўрик белгиланган. Шу куни саудия терма жамоаси Ўзбекистонга қарши учрашув олдидан якуний машғулот ўтказади.

«Ар-Рияд» нашри ҳам икки миллий жамоанинг ўзаро учрашувлари статистикасини келтирди. Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари жами 12 марта тўқнаш келишган. Еттита ғалабани саудияликлар қўлга киритган, тўрттасида — ўзбекистонликлар, яна бир учрашув дуранг билан якунланган.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони — Ўзбекистон ўртоқлик учрашуви 17 ноябрь куни Доҳада бўлиб ўтади. Учрашув бошланиши — Тошкент вақти билан 20:30 да.

Мавзу бўйича янгиликлар

Изоҳлар
Изоҳлар йўқ. Биринчи бўлинг!