Ўзбекистон терма жамоаси Россияга мағлуб бўлганидан кейин ФИФА рейтингида икки поғона пастлади. Эслатиб ўтамиз, 12 ноябрь куни Ўзбекистон Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида ҳисобда 2:0 олдинда борганига қарамай, Россияга 2:3 ҳисобида ютқазди.
Фабио Каннаваро раҳбарлигидаги жамоа 3,86 рейтинг очкосини йўқотиб, 59-ўриндан 61-ўринга тушиб кетди. Ўзбекистоннинг умумий очколари 1412,75 ни ташкил этади.
Россия терма жамоаси, аксинча, ғалаба туфайли 3,86 очко олди. Валерий Карпин жамоаси 1541,31 очко билан 35-ўринда қолди.
Шуни таъкидлаш керакки, ҳозирча бу фақат жорий рейтингдаги ўзгаришлардир. ФИФАнинг навбатдаги расмий рейтинги 18 ноябрда эълон қилинади.
Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг кейинги ўртоқлик учрашувини 17 ноябрь куни Доҳада Саудия Арабистонига қарши ўтказади.


























