Россия терма жамоаси дарвозабони Матвей Сафонов Москвага авиарейсда чемоданини йўқотиб қўйганини айтди. «ПСЖ» дарвозабони миллий жамоанинг ноябрь ойидаги ўйинлари учун Россия пойтахтига келди.
«Ишонсангиз ҳам бўлади, ишонмасангиз ҳам бўлади, ҳозир соат 4. Агар унутмасам, ҳеч кимни уйғотмайман, эрталаб [пост] юбориб қўяман. Соат 4, учиб келдим, мана база бўйлаб кетяпман.
Қандай аҳмоқлик, шунчаки… Юкни йўқотишди. Битта. Яхшиям бутсалар билан эмас, ҳеч бўлмаганда машқ қилишга кийими бор. Охир-оқибат, албатта, у келмайди, деб кутган бўлишса керак. Гап шундаки, улар аллақачон келмаслигини тушунишган, лекин бизга: «Кутинглар», дейишди. Кутдик, ҳужжатларни расмийлаштирдик.
Багажни фақат багаж кимнинг номига расмийлаштирилган бўлса, ўша одам олиши мумкин. Улар: «Етказиб беришни қила оламиз, муаммо йўқ», дейишди. Икки сутка ичида. Мен эса аллақачон Ўзбекистонга учиб кетяпман. Уни кимга етказиб берасизлар? Хуллас, яхши бошланмади. Раҳмат», – деди Сафонов ўзининг телеграм-каналидаги видеода.
12 ноябрь куни Сафонов иштирокидаги Россия терма жамоаси Тошкентда Ўзбекистонга қарши ўйнайди. Учрашув «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади ва соат 20:00 да бошланади.






