ФИФА президенти Инфантино Кушнерлар оиласи билан яширин музокаралар олиб борди

ФИФА президенти Жанни Инфантино ўн ой давомида миллиардерлар Кушнер оиласи билан жаҳон чемпионатларининг тижорат ва медиа ҳуқуқларини сотиш бўйича ёпиқ музокаралар олиб борди — битим 15 млрд фунтга (тахминан 20 млрд доллар) баҳоланган.

Британиянинг The Telegraph нашри хабар беришича, ФИФА лойиҳаси доирасида янги тузилманинг тахминан 20% акцияларини хусусий инвесторларга сотиш ҳисобига 4,2 млрд доллар жалб қилишни режалаштирган. Потенциал харидорлардан бири сифатида Жошуа Кушнер фонди тилга олинган.

Ҳужжатларга кўра, нашр қўлига тушган маълумотларга асосан, муҳокамалар 2025 йил сентябрида Цюрихдаёқ бошланган — ФИФАнинг бошқа юқори даражадаги менежерлари режа ҳақида билишидан олдин.

Кейинги ойларда Инфантинонинг Кушнер оиласи аъзолари ёки уларнинг ҳамкорлари билан камида ўнта учрашуви бўлиб ўтди, жумладан 4 ноябрда Жаред Кушнернинг АҚШдаги офисидаги учрашув ҳам. Схема амалга оширилганда, ФИФА раҳбарининг йиллик маоши 3 миллион евродан 30 миллион еврогача ошиши мумкин эди.

Бироқ УЕФА ФИФА турнирларини, жумладан жаҳон чемпионатини бойкот қилиш билан таҳдид қилганидан кейин, федерация ҳуқуқларнинг бир қисмини сотиш режаларидан воз кечди

2016 йилдан бери ФИФАга раҳбарлик қилаётган Инфантино 2027 йил 18 мартда Рабатда бўлиб ўтадиган ташкилот президенти сайловларида иштирок этиш ниятида.

Изоҳлар
Изоҳлар йўқ. Биринчи бўлинг!